Рейтинговые книги
Читем онлайн Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - Ибадулла Байджанов

Шрифт:

-
+

Интервал:

-
+

Закладка:

Сделать
1 2 3 4

Урганч яхши кунлар қўша юбилейлар шарофати билан янада улуғворлик, гўзаллик касб этиши шак шубҳасиздир. Бу шаҳри азимда Хоразм воҳаси, бинобарин аҳли ўзбек халқи мардлиги, ватанпарварлиги, яратувчанлигининг тимсоли она Тўмарис ҳайкали ҳам қад ростлайди. Аль-Хоразмий, Аль-Берунийдек буюк боболаримиз шарафига боғлар барпо этилади, уй – музейлари қад ростлайди. Рамзий мақбаралари бунёд этилиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилади. Усти ёпиқ бозор элдошларимиз, меҳмонлар хизматида бўлади.

Шовот ва Қирғизёп каналлари қайта таъмирланиб, атрофида сўлим оромгоҳлар ташкил қилинади. Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғида ҳам қатор қурилишлар, таъмирлаш ишлари амалга ошади. Кўчаларга, хиёбонларга рангли неон чироқлари, катта чиройли реклама кўргазмалар ўрнатилади. Урганч қўша юбилейгача ўзгача тароват, гўзаллик кашф этади.

Урганч асосчиси

Урганч марказида қад ростлаган бу ҳайкалга ҳамшаҳарларимиз ҳам, воҳа марказига ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам ўзгача меҳр, эътибор диққат билан назар ташлайдилар. Собиқ шўролар даврида бу ерда эл-у юртимизга алоқаси бўлмаган бошқа бир миллатига мансуб кишининг ҳайкали узоқ йиллар анча жойни эгаллаб турди. Унинг қилган ишларини ҳеч ким тилга олмади. Хоразм умуман Ўзбекистон ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бу зотнинг ҳайкали, ниҳоят, истиқлолнинг илк йилиёқ кўздан йироқлашди. Ва энг муҳим, унитилмас, қувончли воқеалар шу бўлдики, бу ер кенгайтирилиб, атрофи гулзорга айлантирилиб, салобатли, улуғвор бир ҳайкал бунёд этилди. Бу ўзбек миллатининг жаҳонга танитишда, довруғини оширишда муайян тарихий хизматлар қилган улуғ инсон Абулғозий Баҳодирхоннинг ҳайкалидир.

Ҳайкал муаллифи Шавкат Усманов бу гал ҳам ўз истеъдоди, иқтидорининг янги қирраларини ёрқин намоён эта олган. Абулғозий Баҳодирхон отдан тушганича юртдошларга миннатдор боқиб, гўё ўз юртининг буюк келажагига пойдевор қўйишга ҳозирланаётгандай. Қўлида ўроғлиқ харита. Шубҳасиз бу ўзи асос солган янги Урганч харитаси. Ва унда акс этган истиқбол режаларини тезроқ амалга ошириш учун узоқ сафардан етиб келиб, юртида тўхтаб, отдан соғинч ва ишонч билан тушганича ҳалқига пешвоз чиқиш лаҳзаси бир умрга муҳрланиб қолгандай. Мен бу фикримни, машҳур хайкалтарош элдошим, фикрдошим, биз меъморларнинг энг яқин дўсти Шавкат Усмановга айтганимда у тўлқинланиб шундай деди;

Тўғри англабсиз. Мен Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон сиймосини яратиш устида узоқ изландим. Ўн еттидан ошиқ эскизлар тайёрладим. Улардан бирида Абулғозийнинг отнинг устида турган пайти ҳам тасвирланган эди. Лекин мен кўп ўйланиб бу фикримдан воз кечдим. Ўзбекистонда ва бошқа юртларда от устида турган инсонлар сиймоси гавдаланган ҳайкаллар бор. Шулардан нусха бўлиб қолмасин дедим. Сиз айтгандай, юрт эгаси, буюк хон отдан тушиб, элдошлари, ҳалқига пешвоз чиқиб, уларга яхши бир хуш хабар айтишга шошилаётган лаҳзасини яратишга жазм қилдим. Бу бадиий кенгаш аъзоларига ҳам раҳбарларимизга ҳам маъқул тушди. Агар оз бўлсада мен шундай улуғ элдошимиз сиймосини яратишга ҳисса қўшган бўлсам ўзимни беҳад бахтиёр ҳисоблайман.

Мен олим меъмор сифатида бу ҳайкал шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб ҳуснига холдай ярашиб турганлигини ҳис қиламан. Ҳар гал ҳайкал ёнидан бефарқ ўта олмайман. Унга синчков нигоҳ ташлайман. Улуғворлик, салобат, юртга меҳр, янги бунёдкорлик ишларига даъват, ҳамма-ҳаммаси ҳайкалда мужассам. Унга боқиб, машҳур элдошимиз ҳақида мушоҳадага бериламан: Абулғозий Баҳодирхон Хоразмнинг мард жасур фарзанди. Моҳир лашкарбоши, зукко олим, теран фикрли тарихчи. У асосий бойлик – ҳалқнинг сиҳат-саломатлиги деб билган. Шу боис шоҳ бўлсада табиблик билан ҳам ном таратган. Ҳалқ табобатига оид тўрт қисмдан иборат «Манофи ул инсон» рисоласини ёзиб қолдирган. Унда шифобахш гиёҳларни экиш, парвариш қилишдан тортиб, улардан турли дори-дармон тайёрлашгача батафсил зикр этилган. Бу асар ҳозирги замон тиббиётида ҳам энг нодир қўлланма ва йўлланмалардан бири сифатида ўқиб ўрганилмоқда, ундаги қимматли фикрлар ҳаётга тадбиқ этилаяпти.

Хоразм тарихчилик мактабига асос солган ҳукмдорлардан бири ҳам Абулғозий Баҳодирхондир. У 1661 йилда «Шажараий тарокима», орадан уч йил ўтгач, яъни 1664 йилда ёзган «Шажараий турк» асрларида ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, туркман ва бошқа туркий ҳалқлар тарихини чуқур тадқиқ этди.

«Шажараий тарокима» да туркларни афсонавий ҳукмдори ҳисобланган Ўғизхон, унинг авлод-аждоди, туркман уруғларининг келиб чиқиши ихчам ва ёрқин ёритилган. «Шажараий турк» асарида эса Одам атодан то ўз замонасигача бўлган тарихий воқеалар, айниқса Чингизхон, ундан кейинги давр тарихи ҳар томонлама изчил қаламга олинган.

Ҳукмдор тарихчи томонидан битилган асарлар ҳаяжон билан ўқилади. Китобхоннинг кўз ўнгида ўтмиш лаҳзалари жонланади. Ота-боболаримизнинг нимага қодир эканлиги ёққол намоён бўлади. Тарихий шахслар ҳақида фикр юритар экан, китобхонни зериктирмаслик, аксинча уни асарга янада яқинлаштириш учун бадиий воситалардан кенгроқ фойдаланилади. Мен ҳам бу китобларни қайта-қайта мутолаа қилганман.

Абулғозий Баҳодирхон асарлари Шарқ, рус ва Ғарбий Европа тарихчи олимларини ҳам диққат эътиборини тортган. Бу асарлар бошқа тилларга қунт билан таржима қилинган. 1993 йилда хизмат юзасидан Германия сафарида бўлганимда Манхайм шаҳридаги кутубхонада Абулғозий Баҳодирхоннинг немис ва инглиз тилларига ўгирилган ўша машҳур икки асарини кўрганимда фахрга, қувончга тўлганман.

Бу адолатпарвар, элпарвар элдошимиздан ҳозирги даврда ҳам, бундан кейин ҳам ибрат олса арзугулик фазилатлар бисёр. Чунончи у Шовот Ғознобод, Полвонёп, Қиличбой каналларини қайта таъмирлашга ўзи бош-қош бўлди. Янги ариқлар қаздирди. Бу билан ХУ1 асрнинг 70 йилларида Амударё оқимининг ўзгариши билан Хоразмнинг шимолий қисмида юз берган сув танқислигининг ҳам олди олинганлиги тарихдан маълум. Хуллас, бу ҳукмдор ҳиммати билан қилинган хайрли ишлар Хоразм воҳасининг тараққий топа бориши, гуллаб яшнашига ҳисса бўлиб қўшилди.

Абулғозий Баҳодирхон ўз бошидан жуда кўп ранж-алам, қийинчилик, ҳаётнинг бешавқат ташвишлари, азобларини кечирган инсон. Бир сўз билан айтганда ҳаёт қозонида қайнаб, пўлатдек тобланган, кучли иродали шахс. У бор – йўғи 60 йил умр кўрган бўлса шунинг қарайиб 20 йилини муҳожирликда жуда қийинчилик билан ўтказди, ҳатто ўз акалари томонидан 10 йил Эрондаги Исфахон турмасида ҳам азоб чекади. 1639 йили бу турмадан қочиб Манғишлоқ орқали Оролбўйи ўзбеклари ҳузурига келади. Катта қўшин тўплаб, олдин Қўнғирот, кейинчалик Хивани эгаллайди. Хивада хонлик даврида (1643—1663 йиллар) хонликнинг жанубий-ғарбий чегараларини кенгайтириш, ташқаридан бўлаётган ҳавф-ҳатарларни даф этиш учун барча зарур чора тадбирларни кўради. Буюк ипак йўли орқали Бухоро, Эрон, Туркия, Астрахан, Ҳиндистон Россия мамлакатлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришга аҳамиятни кучайтиради. Хусусан, савдо – сотиқ, тижорат ривожлантирилди. Агар тарих саҳифаларини варақлаб, бир нарсага жиддий эътибор билан қаралса, Абулғозий Баҳодирхон тахтга ўтирган кунидан бошлаб маъмурий ислоҳот ўтказишга асосий эътибор қаратганлигининг гувоҳи бўламиз. Хонликнинг марказий бошқарув тизимини ерли аҳолининг нуфузли, илмли, эл юртда катта эътибор қозонган вакиллари ҳисобига мустаҳкамлашга эришган. Бу эса сиёсий ва иқтисодий таназзулни олдини олишда, ҳалқнинг фаровонлик сари етаклашда муҳим аҳамият касб этганлиги шак-шубҳасиздир.

1646 йилда Абулғозий Баҳодирхон томонидан янги Урганчга асос солинганида ҳам бошқарув лавозимларида энг оқил, доно, тадбиркор инсонлар фаолият кўрсатишган. Шу боис янги Урганч яна қаддини тиклаб, Хоразмнинг кўркам, чиройли шаҳарларидан бирига айланиб, қурилиш бунёдкорлик, савдо-сотиқ соҳаларида кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширила бошлаган, ҳунармандчилик ривожлантирилган. Абулғозий хоннинг бу йўналишидаги хайрли ва савоб ишларини унинг вафотидан кейин тахтга ўтирган ўғли Анушахон давом эттиради…

Ҳар гал муқаддас обида – Абулғозий Баҳодирхон ҳайкалига кўзим тушганда, бу улуғ зот қаламига мансуб асарларни ўқиганимда ёки ҳукмдор, тарихчи, олим ва табиб элдошимизнинг ўзи ҳақида битилган ёдномаларни мутолаа қилганимда хаёлимдан юқоридагига ўхшаш фикр-мулоҳазалар ўтади. Орзу-умид қиламан ва ишонаманки, Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон ворислари воҳа марказини янада нурафшон қиладилар.

Жалолиддин Мангуберди кўчаси

Урганчда ана шундай кўча бор. Хоразм элининг энг довюрак инсони, енгилмас курашчиси, миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди номи билан аталаётган бу кўча «Оби ҳаёт» маҳалласида жойлашган. Кўчанинг шундоққина биқинида Шовот канали оқиб ўтади. Вилоят лойиҳалаш институти, божхона биноси, «Сув оқава» ташкилоти, шифохона, иккита болалар боғча-яслиси,«Лола» ательеси, «Хоразмсувқурилиш» трестига қарашли уй-жойлар, равон йўллар, йўлаклар, хиёбонлар, гулзорлар бу кўча кўркига кўрк қўшиб турибди.

1 2 3 4
На этой странице вы можете бесплатно читать книгу Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - Ибадулла Байджанов бесплатно.
Похожие на Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - Ибадулла Байджанов книги

Оставить комментарий